Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихида Саудия Арабистонига қарши ўйинларда дубль қайд этган футболчилар сафи яна биттага кенгайди. Шерзод Эсанов ушбу рўйхатдан жой олган учинчи футболчига айланди.
Бунга қадар ҳамюртларимиздан Игорь Шквирин ва Сардор Рашидов саудияликлар дарвозасига бир ўйинда иккитадан гол уришга муваффақ бўлган.
1994 йилда Хиросимада ўтказилган Осиё ўйинларида Игорь Шквирин Саудия Арабистонига қарши баҳсда дубль қайд этган. Ушбу мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихий чемпионликни қўлга киритган эди.
Орадан 21 йил ўтиб, 2015 йилда Мельбурнда Сардор Рашидов ҳам саудияликлар дарвозасини икки марта ишғол қилган.
Энди эса 2026 йилда Доҳада ўтказилган учрашувда Шерзод Эсанов ўз номини ушбу рўйхатга киритди. У Саудия Арабистонига қарши баҳснинг 19 ва 35-дақиқаларида гол уриб, терма жамоага 2:1 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди.
Шу тариқа, Игорь Шквирин, Сардор Рашидов ва Шерзод Эсанов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Саудия Арабистонига қарши ўйинларда дубль қайд этган футболчилар сифатида тарихдан жой олди.


