Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябрь ойидаги халқаро ўртоқлик учрашувларини ғалаба билан якунлади. Фабио Каннаваро шогирдлари Қатарнинг Ар-Райён шаҳрида Саудия Арабистони терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
Кеча, 17 ноябрь куни "Jassim bin Hamad" стадионида ўтказилган баҳсда терма жамоанинг ҳар икки голига Шерзод Эсанов муаллифлик қилди.
Учрашувнинг 19-дақиқасида Эсанов рақиб дарвозабонининг узатмасидаги хатодан унумли фойдаланиб, тўпни эгаллаб олди ва бўш қолган дарвозани ишғол қилди. Бироқ саудияликлар орадан тўрт дақиқа ўтиб ҳисобни тенглаштиришди. Фирас ал-Бурайкан 23-дақиқада жамоасининг ягона голига муаллифлик қилди.
Биринчи бўлимнинг 35-дақиқасида эса стандарт вазиятдан кейин юзага келган имкониятдан яна Шерзод Эсанов фойдаланди. У рақиб жарима майдонидаги вазиятни гол билан якунлаб, дубл қайд этди ва Ўзбекистонни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Иккинчи бўлимда Саудия Арабистонининг вазифаси янада қийинлашди. 51-дақиқада ҳимоячи Али Лажами Аббосбек Файзуллаевга нисбатан қўпол ўйнагани учун тўғридан-тўғри қизил карточка билан жазоланди. Мазкур тўқнашувдан кейин Файзуллаев ҳам ўйинни давом эттира олмади ва унинг ўрнига Азизбек Амонов майдонга тушди.
Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси рақибнинг бир киши кам бўлиб қолганидан кейинги босимларига бардош бериб, 2:1 ҳисобидаги ғалабани сақлаб қолди.
Шу тариқа, Шерзод Эсанов учрашувнинг бош қаҳрамонига айланди. Ушбу натижа Фабио Каннаваро бошчилигидаги терма жамоа учун Россияга қарши ўйиндаги 2:3 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин муҳим ғалаба бўлди.
Саудия Арабистони — Ўзбекистон — 1:2
Голлар: Фирас ал-Бурайкан (23) — Шерзод Эсанов (19, 35).
Қизил карточка: Али Лажами (51).



