Дастлабки кун натижаларига кўра, ҳиндистонлик шахматчи 11:9 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Шу тариқа, Абдусатторов учун бугунги жавоб учрашуви ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Биринчи кун баҳслари блиц, рапид ва тезкор классика форматларида ўтказилди. Прагнанандҳа блиц партияларидан кейин 3:1 ҳисобида олдинга чиқди. Ҳиндистонлик шахматчи рапидда ҳам устунликни сақлаб қолди ва якуний партиядаги дуранг орқали кунни 11:9 ҳисобида ўз фойдасига якунлади.
Эндиликда ҳамюртимиз иккинчи кунги учрашувда ғалаба қозониб, умумий ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилади. Агар икки кунлик баҳслардан кейин ҳисоб тенг бўлса, ғолиб Армагеддон партиясида аниқланади.
Мазкур тўқнашув 21–24-ўринлар учун ўтказилаётган плей-офф доирасида бўлиб ўтмоқда. Бу жуфтлик ғолиби турнирнинг юқори ўринлари учун эмас, балки ушбу тасниф гуруҳидаги якуний ўрин учун курашни давом эттиради.
Жавоб учрашуви 18 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланиши белгиланган.

