Ирландиялик профессионал боксчи Ли Ривз 31 ёшида ҳаётдан кўз юмди. У уч ой аввал рингда ўтказган жангидан кейин оғир жароҳат олган ва шундан буён шифохонада комада ётган эди. Спортчининг вафоти 16 ноябрь куни маълум бўлди. Бу ҳақда унинг промоутери Queensberry Promotions расман хабар берди.
Фожиа қандай юз берган?
Ривз 2026 йил 1 август куни Дублин шаҳридаги 3Arena аренасида ҳамюрти Гари Куллига қарши жанг ўтказган. Боксчилар бўш турган BUI Celtic камари учун ўзаро баҳс олиб борган.
10 раундга қадар давом этган жангнинг ҳал қилувчи палласида Кулли рақибини икки марта нокдаунга учратган. Иккинчи зарбадан кейин Ривз ўзига кела олмаган ва уни замбилда рингдан олиб чиқишган.
Боксчи оғир бош мия жароҳати билан шифохонага ётқизилган. У жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганидан кейин сунъий кома ҳолатига туширилган. Дастлаб Дублиндаги шифохонада даволанган Ривз октябрь ойида туғилиб ўсган шаҳри Лимерикдаги университет шифохонасига кўчирилган.
Ўлим сабаби маълум қилинди
Ирландия ОАВлари хабар беришича, Ривз ҳаётининг сўнгги кунларида инфекцияга чалинган. Айнан шу инфекция унинг аҳволи оғирлашишига сабаб бўлгани айтилмоқда. Бироқ бу маълумот расмий тиббий хулоса сифатида эълон қилинмаган.
Рақиби ҳам ҳамдардлик билдирди
Ривзнинг вафотидан кейин унинг рақиби Гари Кулли ҳам ижтимоий тармоқларда ҳамдардлик билдирди. У Ли билан рингдан ташқарида ҳам узоқ йиллик таниш бўлганини таъкидлаб, уни яхши инсон ва ҳақиқий йигит сифатида эслади.
Ривзнинг промоутери Queensberry Promotions эса уни истеъдодли боксчи, ўз жамоаси учун намуна ва илҳом манбаи бўлган инсон сифатида ёдга олди.
Боксдаги фаолияти
Ли Ривз ҳаваскор боксда Ирландиянинг беш карра миллий чемпиони бўлган. Профессионал фаолияти давомида 18 та жанг ўтказиб, 16 тасида ғалаба қозонган. Унинг 11 та ғалабаси нокаут эвазига қайд этилган.
Унинг вафоти бокс жамоатчилигида катта қайғу билан қарши олинди.

