"Фенербахче" ҳужумчиси Андерсон Талиска Европа Лигаси плей-офф босқичининг "Ноттингем Форест"га қарши дастлабки учрашуви олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Инглиз клубларига қарши ўйнаш ҳар доим қийин. "Астон Вилла"га қарши шундай бўлди. Бўлажак ўйин биз учун ўзгача бўлади. Биз олдинга боришни, ҳал қилувчи босқичларга етиб боришни истаймиз," — дея бразилиялик футболчининг сўзларини келтиради УEФА сайти.
Шунингдек, Талиска клубни муваффақиятли трансферлар ва 2025 йил сентябрида жамоа бош мураббийи этиб тайинланган Доменико Тедескони таклиф қилгани учун мақтади.
"Янги келганлар клубимизни янада кучайтириш учун келишди. Бундан ташқари, бизда ўз ишини аъло даражада бажарадиган ажойиб ёш мураббий бор," — деди Талиска.
Жорий мавсумда 32 ёшли Талиска 35 та ўйинда 21 та гол ва 4 та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

