Журналист Николо Скиранинг маълум қилишича, Инзаги Риёз клуби билан 2027 йил ёзига қадар амал қиладиган шартномасини узайтириш ниятида эмас. Унинг Саудия Арабистонидаги йиллик маоши 26 миллион еврони ташкил этади.
Бироқ ушбу хабарлардан кўп ўтмай, мураббийнинг агенти Федерико Пасторелло вазиятга ойдинлик киритди. У Инзагининг "Ал-Ҳилол"ни тарк этиш ҳақида якуний қарор қабул қилгани тўғрисидаги маълумотларни рад этди.
"Инзаги мавсум якунида "Ал-Ҳилол"ни тарк этишга қарор қилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Унинг келажаги борасида ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган", — дея агентнинг сўзларини келтирди Winwin нашри.
Қайд этиш жоиз, Симоне Инзаги 2025 йил ёзида "Интер"дан кетгач, "Ал-Ҳилол"ни бошқаришга киришган эди. Унинг қўл остида Саудия жамоаси илк мавсумида Қирол кубогини қўлга киритди. Шунингдек, жамоа 47 та учрашув давомида мағлубиятга учрамай, клуб тарихидаги муҳим натижалардан бирини қайд этди.
Айни пайтда "Ал-Ҳилол" Саудия Арабистони Про-лигаси жадвалида 11 та учрашувдан кейин 30 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Шу тариқа, Инзагининг клубдаги келажаги ҳозирча очиқлигича қолмоқда. Мураббийнинг амалдаги шартномаси 2027 йил ёзида якунига етади.

