Европа футбол мухлислари ассоциацияси (FSE) ЖЧ-2026 чипталари нархидан норози бўлиб, уларни сотишни тўхтатишга чақирди.
Содиқлик дастурига кўра, мухлислар ўз жамоасининг барча ўйинларига ташриф буюриш учун камида 6900 доллар тўлашлари керак. Бу Қатарда бўлиб ўтган 2022 йилги жаҳон чемпионатига нисбатан 5 баробар кўп. Бундан ташқари, турнир тарихида биринчи марта гуруҳ босқичи чипталари учун ягона тариф йўқ: энди уларнинг нархи ҳар бир аниқ ўйиннинг кутилаётган томошабоплигига қараб ўзгаради.
"Бу жаҳон чемпионати анъаналарига катта хиёнат, мухлисларнинг бу томошага қўшган ҳиссасини эътиборсиз қолдириш. Биз ФИФАни зудлик билан чипталар савдосини тўхтатишга, барча манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашувлар ўтказишга ва чипталар нархини қайта кўриб чиқишга чақирамиз," — дейилади FSE баёнотида.
Уюшманинг таъкидлашича, 2018 йилда чемпионатни ўтказиш учун ариза берилганда, ташкилотчилар чипталар нархи 21 доллардан бошланишини ва энг арзон тоифадаги финалгача бўлган йўл чипталари 2242 доллар бўлиши кераклигини ваъда қилишган.
Маълумот ўрнида, 2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Турнирда илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади.

