Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти "Реал"да Тони Кроос билан бўлган можарони ёдга олди.
Кузги "класико"да Винисиус Жуниор ва Хаби Алонсо иштирокидаги можароли эпизод ҳақидаги саволга жавоб берар экан, италиялик мураббий Кроос билан содир бўлган шунга ўхшаш воқеа ҳақида гапирди.
"Бир куни уни алмаштирганимда Тони қаттиқ ғазабланди. Эртаси куни у билан гаплашмадим. Майдонга чиқиш олдидан тасодифан тўқнашиб қолдик ва мен ундан сўрадим: "Кеча бўлиб ўтган воқеалар ҳақида гаплашамизми ёки ҳаммаси ўтиб кетганми?" У ҳаммаси ортда қолганини айтди," — дея Анчелоттининг сўзларини келтиради Madrid Xtra.
Тони Кроос 2024 йилгача "Реал" шарафини ҳимоя қилган ва шундан сўнг фаолиятини якунлади. Карло Анчелотти 2025 йилнинг май ойи охирида клубни тарк этиб, Бразилия терма жамоаси бош мураббийи бўлди.

