Португалиянинг "Бенфика" клуби ярим ҳимоячиси Жанлука Престианни Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) вакилларига Чемпионлар лигаси доирасидаги "Реал"га қарши ўйин якунлари бўйича изоҳ бериб, Испания жамоаси ҳужумчиси Винисиуснинг ҳақоратланганини тан олди, деб ёзди TyC Sports.
Мадриднинг "Реал" клуби Европа Чемпионлар Лигаси 1/8 финал босқичи йўлланмаси учун ўтиш ўйинининг илк баҳсида Лиссабонда "Бенфика"ни мағлуб этди (1:0). 50-дақиқада киритилган голдан сўнг, Винисиус бош ҳакамга Престианни гўёки уни ирқчиликда ҳақорат қилгани ҳақида шикоят қилди. Шундан сўнг ҳакам ўйинни тўхтатди. Учрашув 10 дақиқадан сўнг давом эттирилди.
Манбага кўра, 20 ёшли аргентиналик футболчи Винисиусни "маймун" деб атаганини рад этган, аммо бразилиялик футболчининг голидан кейин унга нисбатан гомофобик гаплар айтганини тан олган.
УЕФА ўйин якунлари бўйича интизомий иш очди. "Реал" ва "Бенфика" ўртасидаги жавоб ўйини 25 февраль куни Мадридда бўлиб ўтади.

