Италиялик мутахассис жамоа 2:0 ҳисобида олдинга чиққач, ўйин суръатини пасайтирганини асосий хатолардан бири сифатида қайд этди.
"Умуман олганда, яхши ўйин кўрсатдик. Бироқ 2:0 ҳисобида олдинда бораётганимизда ўйин суръатини бироз пасайтирдик. Юқори прессинг қўлланилганда, марказий ҳимоячилар ҳам шу тарзда ҳаракат қилиши керак. Ҳимоядаги асосий хатоларимиз, айниқса, жарима майдони ичидаги стандарт вазиятларда кўзга ташланмоқда. Футболда ҳакамнинг сўнгги ҳуштагигача ўйнаш керак. Бу спортнинг шафқатсиз томони. Яхши ўйин кўрсатиб ҳам мағлуб бўлиш мумкин", — деди Каннаваро.
Мураббийдан учрашувнинг сўнгги дақиқаларида уч ҳимоячи билан ўйнаш имконияти ҳақида ҳам сўралди. Каннаваро бундай тактик ўзгариш мумкинлигини, бироқ мағлубиятнинг асосий сабаби тизим эмаслигини таъкидлади.
"Охирги 10 дақиқада уч ҳимоячи билан ўйнаш мумкин эди. Аммо муаммо тизимда эмас. Бизга тажриба етишмади, ўйинни назорат қила олмадик. Узун узатмаларда ҳам кўплаб хатоларга йўл қўйдик", — деди бош мураббий.
Ҳусанов майдонда бўлганида натижа бошқача бўлармиди?
Матбуот анжуманида Абдуқодир Ҳусановнинг йўқлиги ҳам муҳокама қилинди. Журналистлар ҳимоячи майдонда бўлганида Ўзбекистон 2:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қолиши мумкинмиди, деб сўрашди.
"Ростини айтсам, бундай саволлар менга ёқмайди. Ҳусанов яхши футболчи, аммо у майдонда бўлганида ҳам мағлуб бўлган ўйинларимиз бор. Бугун майдонга тушган бошқа ёш футболчилар ҳам яхши ҳаракат қилишди. Ҳусанов юқори савиядаги футболчи, лекин мен майдондаги барча футболчиларга ишонаман", — дея жавоб берди Каннаваро.
Захирадан тушган футболчилар айбдор эмас
Мураббий алмаштиришлардан кейин жамоа ўйинида юзага келган ўзгаришларга ҳам тўхталди. Унинг фикрича, захирадан майдонга тушган футболчиларни мағлубиятда айблаш адолатдан эмас.
"Захирадан тушган футболчиларнинг асосий муаммоси руҳий ҳолат билан боғлиқ бўлди. Улар майдонга ҳисоб 2:0 бўлиб турганида тушишди. На Диёр, на захирадан майдонга тушган футболчилар мағлубиятда айбдор. Бутун жамоа ютқазди. Уларнинг бор кучини бериб, кўп ҳаракат қилганини кўрдим. Афсуски, футбол ҳар доим ҳам адолатли якунланмайди", — деди мутахассис.
Каннаваро ушбу учрашув ёш футболчилар учун катта тажриба бўлганини ва жамоа йўл қўйилган хатоларни чуқур таҳлил қилишини ҳам қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси Россияга қарши учрашувда 2:0 ҳисобида олдинда бораётган бўлса-да, якунда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

