Учрашув терма жамоамиз учун омадли бошланди. 5-дақиқада Россия ҳимоячиси Виктор Мелёхин бурчак зарбасидан кейин тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди. Шу тариқа Ўзбекистон ҳисобда олдинга чиқди.
Иккинчи бўлим бошланиши билан устунлик янада ошди. 46-дақиқада Беҳруз Каримов Достонбек Ҳамдамовнинг узатмасидан кейин рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
Бироқ учрашувнинг сўнгги қисмида вазият ўзгарди. 70-дақиқада Николай Комличенко Россия терма жамоасининг биринчи голини урди. Орадан беш дақиқа ўтиб, у дубл қайд этиб, ҳисобни тенглаштирди.
79-дақиқада Алексей Миранчук меҳмонларнинг учинчи голини киритди ва Россия терма жамоасига ғалаба келтирди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси ўз майдонида 2:0 ҳисобида олдинда бораётган бўлса-да, якунда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.
Учрашувда киритилган голларга Виктор Мелёхин (автогол, 5), Беҳруз Каримов (46) — Николай Комличенко (70, 75) ва Алексей Миранчук (79) муаллифлик қилишди.

